Диний-экстремистик оқимларга мансуб деб ҳисобланган 17 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг 16 минг нафарига яқини «одатий ҳаётга қайтди», деб хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Ушбу маълумот 1 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётган Хасти Имом мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, маҳалла фаоллари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувида янгради.

Ҳукумат ушбу фуқароларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ чораларни амалга оширмоқда. 9500 киши иш билан таъминланди. 10 мингдан зиёд болалар фан, санъат, спорт, турли касбларга тайёрлаш бўйича тўгаракларга жалб этилди.