Франция Президенти Эммануэль Макрон Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан табрик хати йўллади.

«Сиз каби мен ҳам давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдориман ҳамда Франция тимсолида устувор шерикни кўраётганингиздан мамнунман», — дейилади табрикда.

«Сўнгги ойларда Франция ва Ўзбекистон муносабатларида янгича суръат кузатилмоқда. Хусусан, бу жорий йил бошидан буён мамлакатларимиз ўртасида уч марта юқори даражада делегациялар ташрифи амалга оширилгани самарасидир. Бунда шахсан Сиз фаол иштирок этаётганингиздан хабардорман ва буни юксак қадрлайман. Сиз Самарқанддаги лойиҳа юзасидан имзолаган қарор Франция тараққиёт агентлигига мамлакатингизда ўзининг илк муҳим фаолиятини амалга ошириш имконини беради. Бунинг учун Сиздан миннатдорман», — дея таъкидлади Эммануэль Макрон.

«Сиз билан дастлабки амалий музокараларимизни ўтказиш учун Парижда учрашишдан хурсанд бўламан. Мазкур учрашув давлатларимиз терроризм ва иқлимнинг глобал ўзгариши каби умумий муаммолар билан тўқнаш келган бир пайтда сиёсий мулоқотимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея таъкидлади Франция Президенти. Учрашувнинг қачон ўтказилиши аниқ эмас.

«Маданият ва таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатлар ҳам катта истиқболга эга, — дея давом эттирди у. — Хусусан, Луврда кўргазма ташкил қилиш лойиҳаси, Тошкент шаҳридаги француз мактаби фаолиятини ривожлантириш, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида „Француз альянси“ филиалларини очиш истиқболларини назарда тутаяпман».