1 сентябрь куни Бухоро вилоятининг чўл ҳудудида 355 километрлик «Бухоро-Мискин» линиясининг сўнгги бир неча ўн метри ётқизилди. Бунёд этилаётган темир йўлнинг икки бўлагини бирлаштириш ишлари 147- ва 148-километрлар ўртасида амалга оширилди, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.

Мазкур темир йўл линияси қурилиши 2016 йил декабрида бир вақтнинг ўзида Бухоро туманида ва Қорақалпоғистоннинг Мискин посёлкасида бошланган эди. Янги линия бўйлаб локомотив ўтди. Биринчи босқичда у орқали юк таркиблари ҳаракати йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати 283,1 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида линия тезюрар Afrosiyob поезди ҳаракатланиши учун электрлаштирилади. Лойиҳа муддати ва қиймати маълум қилингани йўқ.

Линия ишга тушиши билан Тошкент ва Урганч ўртасидаги масофа 75 км га қисқаради. Ҳозирда поездлар Хоразм пойтахтига «Навоий-Учқудуқ-Мискин» йўналиши бўйлаб қатнамоқда (умумий масофа — 1064 км).

Янги линияни барпо этишда 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич, 5 та станция ва 5 та разъезд қурилди. 1500 дан ортиқ ишчи ва мутахассислар ҳамда 1000 дан ортиқ техника ва механизмлар жалб қилинди. Тупроқ ишлари ҳажми 21,2 миллион куб метрни ташкил этди.

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг қайд этишича, айни пайтда мамлакатдаги темир йўлларнинг умумий узунлиги «Бухоро-Мискин» линиясини ҳисобга олмаганда 6500 км ни ташкил этади.