28 август кунидан бошлаб Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг бир қисмида тажриба тариқасида термопласт ёрдамида йўл ётиқ чизиқлари чизилмоқда. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар қилди.

Ишлар капитал таъмирланган Шота Руставели кўчасидан Авлиёота кўчасигача бўлган қисмида «Автомагистраль» бирлашмаси билан ҳамқорликда амалга оширилмоқда.

Термопласт чизиқларини чизиш Германияда ишлаб чиқилган ускуналар билан жиҳозланган «МАN CLA» русумли махсус транспорт воситаси ёрдамида амалга оширилмоқда.

Йўл қурилишига оид манбаларда келтирилишича, қатнов қисмида оддий бўёқ ёрдамида чизиқлар чизилса, уларнинг фойдаланиш муддати қатнов жадаллигига боғлиқ равишда 2−4 ойни ташкил этади. Термопласт ёрдамида чизилган чизиқлар эса 2−3 йил хизмат қилади. Шунингдек, ташқи ҳарорат 20 даража бўлган ҳолатда ушбу чизиқлар 15−20 дақиқада қуриб, фойдаланишга яроқли ҳолатга келади.