Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди, хабар берди ЎзА.

Режеп Таййип Эрдўғон Туркия халқи ва ўз номидан давлат раҳбарини ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 26 йиллиги ва муборак Қурбон ҳайити билан табриклади.

Ўзбекистон Президенти барча мусулмонларнинг муборак байрами муносабати билан Туркия раҳбари ва қардош турк халқига тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилади.

Икки давлат раҳбарларининг 2016 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ва жорий йил май ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган самарали учрашувлари барча соҳаларда ўзаро муносабатларнинг янада фаоллашувида муҳим аҳамият касб этаётгани мамнуният билан таъкидланди.

Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар икки қардош халқ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ва ҳар томонлама Ўзбекистон-Туркия шериклигини чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.