Бўстонлиқ туманида яшовчи Д.Нурхўжаев (1962 й.т.) Ғазалкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Паркент дарёсида чўмилаётиб, эҳтиётсизлиги оқибатида сувда чўкиб кетиши натижасида вафот этган, деб хабар қилди Тошкент вилояти прокуратураси.

Мазкур бахтсиз ҳодиса Тошкент вилоятида ҳудудида қайд этилган ягона ҳолат эмас. Хусусан, жорий йилнинг ёзги дам олиш мавсумида вилоят ҳудудидаги сув ҳавзалари ва дарёларда эҳтиётсизлик оқибатида жами 40 дан зиёд киши, шу жумладан 5 нафар вояга етмаган сувда чўкиши натижасида вафот этган.

Содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти фуқаролар томонидан сув ҳавзалари ва дарёларда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, шу жумладан таъқиқланган жойларда чўмилиш, маст ҳолатда сувга тушиш, ота-оналар томонидан фарзандларини қаровсиз қолдирилиши каби ҳолатлар натижасида юзага келган.

Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қурбонларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилиб, бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида аҳолидан сув ҳавзалари ва дарёларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, шунингдек ҳар қандай ҳолатда ўз фарзандлари ва яқинларини қаровсиз қолдирмаслик сўралади.