Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳида ўрнатилган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Унинг нутқидан баъзи иқтибосларни келтириб ўтамиз.

Мустақилликнинг эълон қилиниши

«Ислом Абдуғаниевич бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлади. Тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврида — миллатлараро зиддиятлар авж олган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республикамиз жар ёқасига келиб қолган кескин ва таҳликали бир шароитда у мамлакатга раҳбарлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олдилар. Ватанимиз тарихида янги давр бошланган кун — 1991 йил 31 августда Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилдилар ва чорак аср давомида давлатимизни бошқардилар».

«Элим деб яшаш»

«Ислом Абдуғаниевич бутун ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни бўлган „Биздан озод ва обод Ватан қолсин!“ деган эзгу ғояни илгари сурдилар ва бу даъват барча ватандошларимиз қалбидан чуқур жой олди. У киши „Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак“ деган ўзининг ғоясига доим амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар. Биринчи Президент миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида гўзал Ватанини жонидан ҳам ортиқ севар эди, халқининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар. Халқимиз ҳам Ислом Абдуғаниевични чексиз меҳр билан севар ва ўзининг улуғ раҳбари сифатида у киши билан ҳақли равишда фахрланар эди».

Хотирани абадийлаштириш

«Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, пойтахтимиз ва ҳудудларимиздаги марказий кўчалар, Оқсарой қароргоҳида ўз фаолиятини бошлаган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, махсус хайрия жамоат фонди Ислом Абдуғаниевичнинг муборак номлари билан аталди… 2 сентябрь куни Ислом Абдуғаниевич туғилиб вояга етган, мангу ором топган азим Самарқанд шаҳрида унинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим ўтказилади. Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳайкал ўрнатиш ва Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш бўйича бошлаган ишларимизни тўлиқ якунлаб, Биринчи Президентимизнинг туғилган кунига 80 йил тўладиган сана — 2018 йил 30 январда тантанали очилиш маросимини ўтказамиз.

Ҳувиллаб қолган Оқсарой

«Биринчи Президентимиз томонидан барпо этилган Оқсарой қароргоҳида Биринчи Президентимизнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг энг ёрқин дамлари ўтган эди. Айнан шу ерда халқимиз, мамлакатимиз тақдири ва келажагига оид ғоят муҳим бўлган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳаммамизга яхши маълум. Бундан бир йил олдин бошимизга тушган оғир мусибат туфайли ҳувиллаб қолган Оқсарой қароргоҳи бугун Ислом Абдуғаниевичнинг сиймоси туфайли яна эл-юртимизни ўз бағрига чорламоқда… Ишончим комил, бугундан бошлаб ушбу мажмуа халқимиз учун бир умрга қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади. Тошкент аҳли, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан келадиган ватандошларимиз, чет эллик меҳмонлар, давлат ва жамоат арбоблари бу ерга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар. Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон муҳтарам Ислом Абдуғаниевич юрган йўлаклардан, хиёбонлардан ўтиб, музей билан яқиндан танишиб, истиқлолимиз асосчиси билан хаёлан учрашгандек, мулоқот қилгандек бўлади».