Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида Қатағон қурбонлари кунига бағишланган тадбирда иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент ташаббуси билан 2002 йил 31 августда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейидаги экспонатлар билан танишди.

«Аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактабидир, — деди давлат раҳбари. — Ҳар бир вилоятда Қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиалларини ташкил қилишимиз керак. Улар университет ва институтлар қошида ташкил этилса, айни муддао бўлади. Қатағон қурбонлари хотираси бўйича мактаб дарсликларида махсус дастур асосида ўқитиш тизимини ҳам ишлаб чиқиш зарур».

Маълумотларга кўра, ёдгорлик мажмуи ва музей барпо этилган жой ХХ асрнинг 20-йилларидан то Иккинчи жаҳон уруши бошлангунига қадар собиқ тузум жазо органларига қатлгоҳ бўлиб хизмат қилган. Тошкент шаҳрида отилган қатағон қурбонлари шу ердаги учта қатлгоҳга дафн этилган. Ёдгорлик мажмуи ана шу собиқ қатлгоҳ ҳудудларини ўзаро бирлаштириб туради. Агар рамзий сағана ёдгорлик мажмуининг мемориал маркази ҳисобланса, музей биноси унинг маърифий маркази бўлиб хизмат қилади.