Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев октябрда Туркияга ташриф буюради. Бу ҳақда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Мустақиллик куни муносабати билан мамлакат Президентига йўллаган табригида сўз боради.

«Ишонаманки, Сизнинг жорий йил октябрдаги Туркияга ташрифингиз икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини янги даражага кўтаради», — дейилади табрик матнида.

«2017 йилда — давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлган йилда — ўзаро алоқаларимиз сезиларли жонланди. Ўтган йилнинг ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган учрашувимиз бу маънода бурилиш нуқтаси бўлиб, олий даражадаги мулоқотлар шарофати билан мамлакатларимиз ўртасидаги мунтазамлик касб этган икки томонлама муносабатлар кўплаб соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда», — дея қайд этди Режеп Таййип Эрдўғон.

«Сиз Жаноби Олийлари билан биргарликда халқларимиз ўртасидаги қардошликнинг тарихий ришталарига асосланган турк-ўзбек муносабатларини давом эттириш, бу — бизнинг тарих олдидаги масъулиятимиздир», — дея таъкидлади у.