Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Соҳиб Пошшозода Самарқандда «Шарқ тароналари» 11-халқаро мусиқа фестивали Гран-присини қўлга киритди.

ЎзА хабарига кўра, тақдирлаш маросими ушбу мусиқий тадбир бўлиб ўтган Регистон майдонида ташкиллаштирилди.

Биринчи ўрин Халқ қўшиқларини сақлаш бўйича Геосонг жамғармаси (Жанубий Корея) жамоаси ва Ўзбекистон вакили Моҳичеҳра Шомуродовага насиб этди.

Иккинчи ўринни Қирғизистон ва Латвия артистлари қўлга киритди. Учинчи даражали дипломлар Эрон, Индонезия ва Туркия вакиллари қўлига топширилди.

Қатор номинациялар бўйича ЮНЕСКО, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, «Шарқ тароналари» фестивали дирекцияси, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳарлари ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус совринлари тақдим этилди.

Жорий йилда фестивалда 58 давлатнинг анъанавий мусиқа ва қўшиқ санъати вакиллари қатнашди.

Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлар марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва чолғу асбоблари кўргазмалари намойиш этилди. Тарихий обидалар, буюк алломалар номи билан боғлиқ мажмуалар, таълим муассасалари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига сайёҳатлар уюштирилди.

Анжуман доирасида ўтказилган «Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзуидаги халқаро илмий-назарий конференция санъатшунос олимларнинг йирик халқаро анжумани сифатида муҳим ва долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбирда 20 дан ортиқ мамлакатдан келган олим ва мутахассислар маърузалар қилди, тақдимотлар ўтказди.

Маросимда ўзбекистонлик санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури ҳамда «Ўзбекистон маданий мероси — умумбашарий бойлик» деб номланган 3D проекция-мусиқали ёритиш томошаси намойиш этилди.