30 август куни Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғ.Хамидов фуқаро Д.Каримовадан 500 минг сўм миқдорида пора олаётган вақтда ушланди.

Тезкор тадбир Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

Вилоят прокуратураси сайтида хабар қилинишича, муқаддам Д.Каримова прокуратура органларига ариза билан мурожаат қилиб, қонуний ажрашиш учун фуқаролик судига тақдим этиши керак бўлган айрим ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига маҳалла раиси ундан пора талаб қилаётганлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Юқоричирчиқ тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.