SFI Management Group хорижий корхонаси инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан «Пахтакор» футбол клуби устав фондининг 80 фоизини «ноль» қийматда сотиб олади.

Мазкур қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 августдаги «Пахтакор» футбол клуби моддий-техник базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, «Пахтакор» спорт-машғулот маркази ва Paxtakor Tennis Ace теннис кортлари «Пахтакор» ФКга қўшилиш йўли билан қайта ташкил этилади.

SFI Management Group беш йил давомида энг камида 200 млрд сўмлик инвестиция мажбуриятини адо этади. Бизнес режага мувофиқ, бино ва иншоотлар халқаро талабларга мос тарзда қурилади, реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.

Тошкент ҳокимияти клуб устав жамғармасининг 20 фоизини ўзида сақлаб қолади.