Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати-2018 Осиё саралаш босқичи доирасида сафар учрашувида Хитой жамоасига мағлубиятга учради. 31 август куни Уханда бўлиб ўтган учрашув 1:0 ҳисобида якунланди.

Эронга қарши учрашув билан таққослаганда «Оқ бўрилар» таркибида бир қатор ўзгаришлар содир бўлди. Жароҳат олган ҳимоячи Виталий Денисов асосий таркибга қайтди, дарвозабон Александр Лобанов ўрнига биринчи дақиқадан Игнатий Нестеров майдонга тушди.

Бош мураббий Самвел Бабаян шогирдлари кўплаб қулай вазиятларни яратишди, бироқ дарвоза томонга аниқ зарбалар қарийб бўлмади. Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлган голкипер Игнатий Нестеров бир неча бор хавфли вазиятларда жамоадошларини қутқариб қолиб, бироқ ўйинни голсиз якунлай олмади.

Учрашув якунлашига бир неча дақиқалар қолганида ҳимоячи Анзур Исмоилов жарима майдончасида қоида бузди ва ҳакам мезбонлар фойдасига жарима тўпи белгилади. 84-дақиқадан Хитой термаси ҳужумчиси Гао Линь 11 метрлик зарбани амалга оширди.

Параллел учрашувда Жанубий Корея ва Эрон ғолибни аниқлай олмади (0:0), Сурия эса Қатарни мағлуб этди (3:1).

Миллий терманинг навбатдаги учрашуви 5 сентябрь куни Жанубий Кореяга қарши бўлиб ўтади.

Видео