Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президентини табриклади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида фаолият бошлаганингиздан буён, Сизнинг раҳнамолигингизда стратегик аҳамиятга эга қатор улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда, янги имкониятлар очилмоқда. Бу Ўзбекистон халқи томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда», — дейилади табрикда.

«Мен Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш ва Сиз билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратаман. Мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида ХХР ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама шерикликни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Сиз билан ўзаро яқин муносабатларимизни изчил давом эттиришга тайёрлигимни билдираман», — деб ёзади Си Цзиньпин.

ХХР Раиси Ўзбекистонга тараққиёт ва фаровонлик, мамлакат халқига эса бахт-саодат тилади.