Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга мактуб йўллади. Мазкур мактубда «талофатли „Ҳарвей“ довули оқибатида Техас штатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва жароҳатланиши ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди» дейилган.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари нобуд бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, шунингдек, жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайишни тилади.

Саккиз кун давомида давом этиб, сўнгра тропик пўртанага айланган ҳамда рекорд даражадаги ёғингарчиликларга сабаб бўлган «Ҳарвей» довули оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 30 нафарга етди. Сув остида қолган ҳудудларда 13 минг кишининг ҳаёти хавф остида қолган, дея хабар берди РИВ Новости агентлиги.