Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқандга келди. Давлат раҳбари вилоятга ташрифини Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади, дея хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Қуръон тиловат қилинди.

Президент бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Мақбара мармар ва гранитдан бунёд этилган, Қуръон оятлари билан безатилган. Айвон пештоқларига Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, инглиз ва араб тилларида битилган. Мажмуа атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган. Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғунлик касб этган.

Шавкат Мирзиёев мажмуадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, қабристонни обод қилиш бўйича тавсиялар берди.