Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ва «Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси» халқаро анжуманида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, БМТнинг туризм соҳасидаги ихтисослашган институти билан ҳамкорлик жадал ва самарали кечаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Талеб Рифаи Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Бош котиб Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир дастур ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш ва уларда иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.