Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди. У 2017 йил апрелдан «Ўзавтосаноат» бошқаруви раисининг техника сиёсати ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Умиджон Салимов (1976 йилда туғилган) Тошкент давлат техника университети ва Тошкент автомобиль-йўллар институти аспирантурасини тамомлаган, техника фанлари номзоди.

1998−1999 йилларда «Автодайжест» газетаси масъул котиби лавозимида ишлаган. 1999—2000 йилларда «Ўзавтосаноат» ассоциациясининг «Автосанинвестпроект» компаниясида етакчи мутахассис бўлган. 2000−2004 йилларда «Ўзавтосаноат» ассоциацияси молия-иқтисодий экспертиза ва кредитлаш бошқармасида етакчи мутахассис лавозимида фаолият кўрсатган.

2005—2007 йилларда «Ўзавтосаноат» маркетинг, савдо стратегияси ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси бўлган. 2007−2009 йилларда GM Uzbekistan янги лойиҳалар бошқармаси бўлим бош менежери лавозимида ишлаган.

2009—2011 йилларда GM Powertrain Uzbekistan бош директори ўринбосари бўлган. 2011−2013 йилларда эса «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси ўринбосари эди.

2013—2017 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори сифатида иш олиб борди.

Аввал хабар қилинганидек, Улуғбек Розуқулов «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси лавозимидан озод этилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясига раҳбар этиб тайинланди.