Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати пайшанба куни бўлиб ўтган ялпи йиғилишида Тошкент вилояти маъмурий-ҳудудий тузилмасидаги қатор ўзгаришларни тасдиқлади.

Сенат ахборот хизматининг хабар қилишича, парламент юқори палатаси Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳри ва Ўртачирчиқ тумани чегараларини ўзгартириш, Тўйтепанинг вилоят бошқарувидаги шаҳар тоифасига киритиш ҳамда Тўйтепани Тошкент вилояти маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисидаги ҳукумат таклифларини тасдиқлади.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ва Янгийўл тумани, Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани чегараларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, кўрсатиб ўтилган икки шаҳарни вилоят бошқарувидаги шаҳарлар тоифасига киритиш тасдиқланди.

Йиғилишда қабул қилинган қарорлар ҳудудларни бошқариш самарадорлигини ошириш, аҳоли учун шароитларни яхшилаш ва туризм соҳасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди.