Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 24 август куни мамлакат Конституцион судининг янги таркибини тасдиқлади. Асқаржон Ғофуров, Файзулла Қаюмов, Бахтиёр Миролимов, Бахтиёр Мирбобоев, Генжемурат Пиржанов ва Қаҳрамон Ўлжаев унинг таркибидан ўрин олди.

Худди шу куни Конституцион суд мазкур таркиб раисини сайлади. Унга кўра Бахтиёр Мирбобоев раис, Асқаржон Ғофуров унинг ўринбосари бўлди.

Конституцион суд қонунчилик ва ижро ҳокимиятининг конституцион актлари тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. У Президент тақдимномаси, шунингдек Ўзбекистон Олий судялар кенгаши тавсияси бўйича сиёсат ва ҳуқуқ соҳаларидаги мутахассислар орасидан Сенат томонидан сайланади. Унинг таркибидан Қорақалпоғистон вакили ҳам ўрин олади.

1 июнь куни Конституцион суд мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган Конституцияга ўзгартишлар киритиш (80, 93, 108 ва 109-моддаларга) тўғрисидаги қонун кучга кирганидан сўнг Конституцион суднинг аввалги таркиби ваколати тўхтатилган эди.