Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ўзининг Facebook-саҳифасида клуб фаолияти ҳеч қачон тўхтамагани ва у ўз ишини давом эттиришини маълум қилди.

Мазкур хабар қатор ОАВларда клуб фаолияти Ўзбекистон бош вазири томонидан танқид остига олингани ҳамда ХПК йиғилишлари эндиликда телевидение орқали жонли эфирга узатилмаслиги тўғрисидаги хабарларга жавоб бўлди.

«Битта кичик воқеа атрофида Халқаро пресс клуб ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолияти доирасидан чиқиб кетаётган асоссиз гап сўзлар тарқатилиб, нотўғри талқин қилинмоқда», — деб ёзди Шерзод Қудратхўжаев.

«Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов Халқаро пресс клуб ташкил бўлганидан то шу кунгача уни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ташкилий масалаларни ҳал этишда яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Бироқ иш жараёни доим ҳам текис ва силлиқ кечмайди. Шундай алоҳида ҳолатлардан мамлакатда демократия ислоҳотлари тўхтагани, сўз эркинлиги поймол қилинаётгани ҳақида глобал хулосалар қилиш мутлақо нотўғри ва ўринсиздир».

Шу кунларда интернетда ўта фаол муҳокама қилинаётган ушбу мавзу локал характерга эга эди. Ва уни жамиятимизда кечаётган бошқа ислоҳотларга соя солади деб талқин қилиш асоссиздир, дея қўшимча қилди у.

Халқаро пресс-клуб апрель ойида нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олинган. Унинг йиғилишлари сўнгги вақтларда жонли эфирга узатилмоқда, уларда вазирлар, ҳокимлар, турли ташкилот ва компаниялар, шунингдек халқаро тузилмалар вакиллари чиқиш қилмоқда.