Тошкент ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси одам савдоси бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. ИИББ матбуот хизмати ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси майор Камоловнинг жиноят иши бўйича изоҳини эълон қилди.

21 август куни Тошкент Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Умида Ялгашева мурожаат қилиб, у август ойининг бошларида Шаходат исмли аёл билан танишиб қолганини маълум қилади. У Зарина исмли қизи борлиги, у ҳомиладор экани, туғиладиган фарзандини 1000 АҚШ доллари эвазига сотиш нияти борлигини айтади. Умида Ялгашева мазкур аёлларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан жиноятчиларни қўлга олиш борасида тезкор тадбир режалаштирилиб, соат 14:00 ларда, Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган «Макро» супермаркети автотураргоҳида Шаходат Сатторова ва Зарина Журакулова янги туғилган (16 августда), ҳеч ҳандай шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиз чақалоқни 1000 АҚШ доллари эвазига сотган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни содир этганликда аёлларнинг айби тўлиқ исботланиб, уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсни олиш-сотиш) билан айблов эълон қилинди ва жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда айбланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Шаҳодат Сатторова ва Зарина Жўрақулованинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.