Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида ҳамда бизнес-форум якунларига кўра умумий ҳажми 80 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган 22 та шартнома ҳамда умумий ҳажми 70 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 20 та инвестицион битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Форумда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Ҳиндистон савдо ва саноат давлат вазири Нирмала Ситҳараман, «Ҳиндистон-МДҲ» Савдо-саноат палатаси фахрий президенти Ражан Мадҳу, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари нутқ сўзлашди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов форумнинг очилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистон учун Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доираларимиз ўртасида янада яқин муносабатларни ўрнатиш, республикадаги ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этишга янги ҳинд компанияларини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 2 баробардан ортиқ кўпайди ва 2016 йил якунларига кўра 370 млн. АҚШ долларини, 2017 йил биринчи ярмида 166,5 млн АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокидаги 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 15 таси 100 фоиз чет эл капитали асосида ишламоқда.

Ўзбекистон ташкилотлари ва компаниялари Ҳиндистон бозорига экспорт маҳсулотларининг кенг номенклатурасини, жумладан пахта толаси, қайта ишланган калава ип, йигирилган ип ва мато, мис ва ундан ишланган буюмлар, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар, электротехника ва кабель-ўтказгиш, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришга ҳамда кўрсатиладиган хизматлар спектрини кенгайтиришга тайёр.

Ўз навбатида Ўзбекистон талаб мавжуд бўлган тайёр саноат маҳсулотларини, жумладан кимёвий товарлар, дори-дармон воситалари, текстиль ва кўнчилик тармоқларидаги, информацион технологиялар ва телекоммуникациялар ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ҳиндистоннинг юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ҳинд инвесторларини мазкур эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишда кенг иштирок этишга таклиф этди.