Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 августдаги фармони билан Улуғбек Розуқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси — Ташқи иқтисодий фаолиятни, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозимидан озод қилинди.

Давлат раҳбарининг бошқа фармони билан Нодир Отажонов бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси — Ташқи иқтисодий фаолиятни, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланди.

Нодир Отажонов (1967 йилда туғилган) Андижон қишлоқ хўжалиги институти (1993), Наманган муҳандислик-педагогика институти (1999) ва Банк-молия академияси (2000) битирувчиси.

1993—2007 йилларда Ўзбекистон Молия вазирлиги тизимида фаолият кўрсатган. 2007—2010 йилларда «Ўзавтосаноат-лизинг» компанияси директори бўлган. 2010 сентябрида «Ўзқишлоқхўжаликмаш» лизинг компанияси, ўтган йилнинг ноябрида «Ўзагротехсаноатхолдинг» таркибида қайта ташкил этилган «Ўзагролизинг» АЖга раҳбарлик қилган.