Келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда ягона мактаб либосини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни таълим тизимидаги ислоҳотлар бўйича йиғилишда ягона мактаб либосини жорий этиш таклифини илгари сурди. У ўқувчилар бир-бирига кийимига қараб баҳо бериши ва шу сабабли келишмовчиликлар юзага чиқишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлаган.

Улуғбек Иноятов Ўзбекистон мактаб либослари мавжудлиги, ҳар бир мактаб ота-оналар билан ҳамкорликда ўз униформасини ишлаб чиққани, бироқ либосларнинг хориждан импорт қилингани ёки ўқувчи саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи материаллардан тайёрлангани каби ҳолатлар учраганини маълум қилди.

«Энг камида 8−10 моделдан таркиб топган, ўз матоларимиздан ўз дизайнимиз асосида ўзимизда тайёрланган мактаб либосларига ўтамиз. Келгуси ўқув йилигача биз „Ўзбекенгилсаноат“ билан ҳамкорликда ота-оналар ва экспертлар фикрини инобатга олган ҳолда янги формаларни тайёрлаймиз», — деди вазир.

У мазкур мактаб либослари кенг жамоатчиликка намойиш қилинади. Ҳозирча янги либослар қанча туриши номаълум, аммо ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида қийматининг ярми миқдоридаги дастлабки тўлов билан кредитга бериш имконияти тақдим этилади.