Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатдаги Маъмурий ислоҳотлар концепцияси лойиҳасини тайёрлади. У муҳокама учун эълон қилинди.

Концепция «Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилга асосланган. Унда давлат бошқарувининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминловчи, халқаро майдонда мамлакат рақобатбардошлигини оширувчи шаффоф, самарали тизимни жорий этиш кўзда тутилган.

Маъмурий ислоҳотлар энг аввало давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, давлат ҳукумат ва бошқарув органларини тубдан қайта ташкил этиш, улар фаолиятини ислоҳотлар ҳамда либераллик, халқпарварлик ва жавобгарлилик талабларига мувофиқлигини таъминлаши зарур.

Ҳужжатда қайд этилишича, амалдаги давлат бошқаруви моделини такомиллаштирмасдан, мазкур соҳадаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган вазифаларга эришиб бўлмайди.

Лойиҳада давлат бошқаруви тизимидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари батафсил келтирилган.

Концепция лойиҳаси муҳокамаси 29 августга қадар давом этади.