18 август куни 22:00 да А-373 «Тошкент-Ўш» йўлининг 253-(176-) километрида тўртта автомобиль тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

Тошкентдан Фарғона водийси томонга ҳаракатланиб кетаётган Shacman юк автомобили қарама-қарши томонга чиқиб кетиб, Isuzu юк автомобили, Damas минивэни ва Hyundai самосвали билан тўқнашув содир этган. Натижада мазкур участкада тирбандлик вужудга келди.

Ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчилар гуруҳи, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва шифокорлар ЙТҲ натижасида жароҳат олган икки кишига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишди. Улар тез тиббий ёрдам машинасида Поп туман марказий шифохонасига етказилди.

Эвакуаторлар ёрдамида юк машиналари хавфсиз жойга олиб ўтилди. Қисқа фурсатларда А-373 «Тошкент-Ўш» йўли бўйлаб автомобиллар ҳаракати тикланди.