Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг қатор туманларига янги ҳокимлар тайинланди. 21 август куни Халқ депутатлари вилоят кенгаши йиғилишида шу ҳақдаги қарор қабул қилинди.

Вилоят маъмуриятидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, Булунғур туманининг собиқ ҳокими Фурқат Раҳимов Воҳид Раҳимов ўрнига Самарқанд ҳокими бўлди.

Булунғур туманига эса Самарқанд ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган Баҳодир Баҳромов тайинланди.

Самарқанд туман ҳокими лавозимидан бўшатилган Ботир Қодиров ўрнига бунга қадар Давлат солиқ қўмитаси қошидаги Республика ахборот-консултация маркази ҳудудий бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Шуҳрат Жамолов тайинланди.

Тойлоқ туманига эса Пўлат Аҳмедов ўрнига бунга қадар Қаттақўрғон, аввалроқ эса (2003−2013 йилларда) — Самарқанд туман ҳокими бўлган Баҳодир Садуллаев тайинланди.

«Ўзпахтаёғ» таркибига кирувчи «МТ-Инвест Импекс» компаниясини бошқарган Музаффар Хошимов Каттақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.