Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари тезкор ва жанговар ҳарбий тайёргарлик ҳамда ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорликдаги тадбирларни ўз ичига олган Ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги сайтида хабар қилинишича, бу каби ҳужжат икки давлат ҳарбий маҳкамаларининг икки томонлама муносабатлари тарихида илк бор имзоланди. Ҳужжат ўтган ҳафта Қозоғистон мудофаа маҳкамаси раҳбари генерал-полковник Сакен Жасузаковнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида имзоланган. Тошкентда у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашди.

Қозоғистон мудофаа вазири Ўзбекистон Қуролли Кучларининг Қўқондаги ҳарбий қисмларидан бирига ташриф буюрди. Шунингдек у Самарқандда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.