16−17 август кунлари қатор интернет нашрлари Олий суд биносига 15 «ғазабланган оломон"нинг «штурм» уюштиргани тўғрисида хабар тарқатди. Уларнинг иддаоларига кўра, ушбу ҳодиса Олий суд раиси Козимжон Комилов фуқароларни шахсий қабул қилаётган вақтда содир бўлган. Олий суд матбуот хизмати 19 август куни мазкур хабарларни инкор этди.

«Реал ҳолатни бузиб кўрсатган айрим нашрлар муаллифлари ўқувчиларга „ғазабланган фуқароларнинг кучли бақириқлари“, „мустаҳкам бекитилган дарвозаларнинг бузиб ташлангани“, 300−400 киши» ваҳоказо хабарларни тарқатди. Афсуски, мазкур вебсайтлар интернетда тарқатилган ахборотни текшириб кўрмасдан хулоса чиқаришга шошилишди, аслида содир бўлган ҳодисани бўрттириб кўрсатишди", — дейилади Олий суд хабарида.


«Яндекс.Янгиликлар» хизматида янгиликлар сарлавҳалари.

15 август куни 9:30 дан 21:00 га қадар раис Козимжон Комилов 100 нафардан зиёд кишини фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича қабул қилди. Худди шу куни 27 кишидан шикоят ва аризалар қабул қилинган бўлса, 72 киши турли масалалар бўйича оғзаки мурожаат билан қабул қилинди, дейилади Олий суд хабарида.

«Қабул вақтида Олий суд биноси қаршисида кутиб ўтирган айрим фуқаролар милиционер ва суд ходимлари диққатини чалғитган ҳолда қабулга навбатсиз кириш мақсадида ўзбошимчалик билан дарвозани очиб, бино ичкарисига кирмоқчи бўлди. Улар бино фойесига кирганларида уларга қабул тартиблари тўғрисида тушунтирилди, уларнинг айримлари Олий суд раиси ўринбосарлари ва судьялари томонидан қабул қилинган бўлса, қолганлар раис қабулида бўлишди. 16 август, яъни кейинги куни 9:30 дан 17:30 га қадар Олий суд раиси томонидан 60 нафардан зиёд киши қабул қилинди», — дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати.

Раис ва унинг ўринбосарлари томонидан ҳар куни фуқаролар қабул қилинмоқда, дейилади матбуот хизмати хабарида.