14 августдан бошлаб Тошкентнинг Олой, Юнусобод ва Қўйлик бозорларида нақд пул бериш учун Ўзбекистон Халқ банки томонидан ўрнатилган банкоматлар ишлашни бошлади. Ҳозирча ушбу бозорларда бир донадан банкомат ўрнатилган.

Ўтган ҳафта давомида банкоматлар яқинида катта навбатлар кузатилди. Картасидан нақд пул ечишни истаганлар ўртасида тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун ҳар куни рўйхат тузилмоқда. Нақдлаштириш жараёни 1,5−2 дақиқа вақтни олмоқда. Бироқ навбат узунлиги боис одамлар соатлаб кутиб қолмоқда.

Банкоматлар 9:00 да иш бошлайди. Ҳозирча жараён Халқ банки вакили назорати остида.

«Бу узоқ давом этмайди, — деди у. — Биринчи ҳафтада одамларга банкомат билан ишлашда ёрдам керак бўлади. Кейинчалик бизнинг бўлишимиз шарт эмас».

Банк ходимининг сўзларига кўра, битта картадан кунига 100 минг сўмгача пулни комиссия тўловисиз нақдлаштириш мумкин. Маблағлар 1000, 5000 ва 10000 сўмлик банкноталарда берилмоқда. Айрим кунлар банкоматдаги пул бозор иш соатлари тугамасдан тамом бўлиб қолмоқда. Бироқ у қўшимча пуллар билан тўлдирилмоқда.

Фото