Ўзбекистон Президентининг 16 августдаги қарори билан Ўзбекистонга саёҳат қилишни енгиллаштириш, туризм инфратузилмаларини ривожлантириш ва янги туризм объектларини ташкил этишга қаратилган 2018−2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бир ой муддат ичида фуқароларига 2018 йилнинг 1 январидан виза тартибини соддалаштириш таклиф этилаётган мамлакатлар ҳамда фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурлари таклиф этиладиган давлатлар рўйхати шакллантирилади.

Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар фаоллаштирилиб, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказилади, логистика, жумладан, чартер рейсларни ташкил этилади.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги туризм ҳудудлари тажрибаси асосида Урганч, Тошкент шаҳарлари ва Фарғона вилоятида туризм ҳудудлари, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида тоғ кластерлари босқичма-босқич ташкил этилади.

Дастур асосида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида дам олиш зонаси, Жиззах вилоятининг Фориш ва Арнасой туманларида Айдар-Арнасой кўллари соҳиларида бешта янги дам олиш зонаси, Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида тўрт юлдузли меҳмонхоналар қуриш режалаштирилган.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғ ҳудудида меҳмонхона мажмуаси қурилади. Тўдакўл кўлининг жанубий қирғоғида ички туризм учун, Навоий вилоятида Арнасой кўли соҳилида эса чет эллик сайёҳлар учун пляж инфратузилмаси бунёд этилади.

Тадбиркорлик субъектларига янги меҳмонхоналар ва бошқа туризм инфратузилма иншоотлари қуриш, мавжудларини модернизация қилиш учун узоқ муддатли (15 йилгача) кредитлар ажратиш амалиётга жорий қилиниб, бунда кредит ва фоизларни қоплашнинг меҳмонхоналар капитал талаблилиги ва мавсумий юкланганлигини ҳисобга олувчи шароитдан келиб чиқадиган талаблар назарда тутилади.

2022 йил 1 январга қадар меҳмонхоналар — бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан, меҳмонхоналарга бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинадиган малакали хорижлик мутахассислар даромадлари — жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод этилади.