Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) янги ресурс базасини кенгайтиришга 420 млн доллар қўшимча маблағ йўналтиради. Ўзбекистон Президенти ШАвкат Мирзиёев 15 август куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

Маблағлар Тошкент вилояти Пскент туманидаги «Ёшлик II» (аввалги номи «Қизота») конини ўзлаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа йилига 2 миллион тонна рудани қазиб олиш бўйича ер ости кони ишланмасини назарда туриб, 2023 йилда лойиҳавий қувватига чиқади. Шунингдек, автомобиль йўли, 35/6 кВ қувватга эга электр узатиш тармоғи, подстанция, ортиш-тушириш эстакадалари, компрессор станцияси ва бошқа муҳандислик инфратузилмалари объектларини қуриш режалаштирилган.

Лойиҳа Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фондининг 350 млн доллар, «Ипотека банки» ва «Асака» банклари кредитлари ҳамда ОКМК хусусий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

11 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида «Ёшлик I» («Аввалги «Дальнее») мис конини ўзлаштиришни бошлашга бағишланган маросимда қатнашган эди. ОКМК маълумотларига кўра, мазкур конни ўзлаштириш орқали йилига 28 млн тонна руда қазиб олинади. Лойиҳа 2017−2028 йилларда амалга оширилади.