2008 йилдан буён молия вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Мубин Мирзаев иқтисодиёт вазирининг макроиқтисодий сиёсат, банк соҳасини ривожлантириш ва халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу Ўзбекистон Президентининг 14 августдаги қарорида кўзда тутилган.

Иқтисодиёт вазирлигидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, мазкур лавозим вазирлик тузилмасида янги жорий этилди. Ушбу лавозим билан бир қаторда вазирнинг инвестицион дастурлар ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими ҳам сақлаб қолинади. Мазкур вазифада Сунатулла Бекенов фаолият кўрсатмоқда.

Президентнинг яна бир қарори билан иқтисодиёт вазирининг макроиқтисодий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Исмоилов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди.

Мубин Мирзаев (1969 йилда туғилган) Тошкент давлат университети, Тошкент молия институти ҳамда Япония Сиёсий тадқиқотлар миллий институти магистратурасини тамомлаган. 2006−2008 йилларда Марказий банк Монетар сиёсат ва иқтисодий таҳлил департаментини бошқарган.