Ўзбекистон Ташқи савда вазирлиги қошидаги «Ўзтрейд» компанияси ва Россиянинг «Ла Маре» ритейлери вакиллари 11 август куни Москвада ҳамкорликдаги «Ўзтрейд ЛМ» савдо уйини очиш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

«Ўзтрейд» Ўзбекистон фермер ва деҳқон хўжаликлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини тизимли равишда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Ташқи савдо вазирлигининг «Газета.uz"га хабар қилишича, савдо уйини сентябрь охири, октябрнинг бошларида очиш режалаштирилмоқда. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, савдо уйи очилгандан йил охирига қадар 10 минг тонна янги, қуритилган ва қайта ишланган сабзавот ҳамда мевалар етказиб берилади. «Ла Маре» Х5 Retail Group, «Ашан», «Метро», O’KEY, «Азбука вкуса», «Магнит», «Глобус Гурме», «Алие Паруса», «Глобус», «Магнолия» ва «Гиперглобус» каби тармоқ мижозлар билан ҳамкорлик қилиб келади. HoReCa сегменти бўйича Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Сочи ва бошқа шаҳарларида, шунингдек Қозоғистондаги — Hyatt, Baltschug Kempinski, Metropol, Mariott, Ritz Carlton, Renaissance, Radisson, Novikov Group, Ginza project, White Rabbit мижозлари ҳисобланади.