15 август куни Ўзбекистон олий таълим муассисларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинади, дея хабар қилди «O‘zbekiston 24» телеканали.

Абитуриентлар тўплаган балларини сешанба куни 8:00дан қабул комиссияларидаги эълонлар тахтачалари орқали билиб олишлари мумкин.

Уяли алоқа компаниялари ҳам тест натижаларини SMS орқали олиш имконияти ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, тест натижаларини CLICK тўлов тизимининг Telegram-боти, мобиль иловаси ёки USSD-меню орқали ҳам билиш мумкин, хизмат нархи 2000 сўм.

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, жорий йилда ОТМларга кириш учун 729947 нафар абитуриент (2016 йилда — 663304) ҳужжат топширди. Бир ўрин учун 11 номзод (2016 йилда — 11,5) кураш олиб борди.