Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Тошкент вилоятига кўчади. ОТМ Чирчиқ шаҳри, Спортчилар кўчаси, 19-уй манзили бўйича жойлашади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 10 августдаги қарорида сўз боради, деб хабар берди «Norma.uz».

Бундан ташқари, институтга Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг бинолари, иншоотлари ҳамда истироҳат боғи ўтказилади.

Ўз навбатида, Чирчиқ олимпия захиралари коллежи Чирчиқ шаҳри, Чирчиқ 50 йиллик кўчаси, 14-уй манзилида жойлаштирилади.

Жорий ўқув йилидан бошлаб Давлат жисмоний тарбия институтида таълимнинг сиртқи бўлими очилади. Институтда таҳсил олаётган миллий терма жамоаси аъзолари, терма жамоа аъзолигига номзодларга таълимнинг сиртқи шаклига ўтишга рухсат берилди.

Чирчиқ саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи фаолиятини тугатади ҳамда ўқувчилар ва педагог кадрлар бошқа касб-ҳунар коллежларига йўналтирилади.