Тошкент ҳокимияти йил охирига қадар чиқинди учун қутилар етишмаслиги муаммосини ҳал этишга қарор қилди. бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидумар Аглаев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, шаҳарда чиқинди қутилари етишмаслиги кузатилмоқда, бироқ вазият кўпчилик фуқаролар ўйлаганчалик жуда аянчли аҳволда эмас.

«Меъёрга кўра 15 минг дона урна ўрнатилган бўлиши керак, айни пайтда эса шаҳарда улар сони 12 мингтани ташкил этади. Ва бу хусусий тадбиркорлар томонидан ўрнатилган урналар ҳисобга олинмагандаги вазият. Етишмаётган 3000 та урнани ўрнатиш учун ҳокимият 200 млн сўм ажратди», — деди Саидумар Аглаев.

Шу билан биргалик, у юқорида айтиб ўтилган меъёр собиқ иттифоқ даврида қабул қилингани, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳозирги вақтда урналарни ўрнатиш бўйича янги нормативларни ишлаб чиқаётганини маълум қилди.

«Кўчалар гавжумлигига қараб урналар ҳар 50, 10 ёки 200 метрга ўрнатилади», — дея аниқлик киритди бошқарма раҳбарияти вакили.

Яқиндагина Амир Темур шоҳ кўчасида янги намунадаги чиқинди қутиларини ўрнатиш ишлари якунига етди. Улар металдан тайёрланган бўлиб, ерга болтлар ёрдамида қотирилган.

Konteyner.uz бренди остида урналар ишлаб чиқараётган компаниянинг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, биринчи босқичда синов тариқасида ҳокимият буюртма берган 366 та урнанинг 300 таси ўрнатиб чиқилди.

Яна бир бошқа ташкилот эса 300 та бетон урналарни тақдим этди. Синов муддати якунига етганидан сўнг бундай урналарнинг келгусида ҳам ўрнатилиши тўғрисида қарор қабул қилинади.

Матбуот анжуманида янги типдаги автобус бекатларини қуриш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Ободонлаштириш бошқармаси йўл-кўприк хўжалиги бўлим бошлиғи Моҳиржон Туроповнинг хабар беришича, шаҳарда 350 та бекат етишмайди.

«Яқин кунларда 10 та ойнаванд бекатни сотиб олиш учун маблағ ажратилди. Шунингдек хусусий тадбиркорлар таклифлари ҳам бор, ҳозирда улар комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда», — деди у.