Ўзбекистон Президенти 8 август куни Давлат консерваторияси фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади.

Мусиқа санъатини ривожлантириш, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш дастурнинг асосий йўналишларидан санаб ўтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мутасадди ташкилотлар томонидан етарли даражада амалий ёрдам ва кўмак берилмагани, тегишли назорат олиб борилмагани, масъулият ва талабчанлик бўшаштириб юборилгани оқибатида Ўзбекистон давлат консерваторияси мамлакат маданий ҳаётидаги ўзининг етакчи ўрни, обрў-эътибори ва таъсирини йўқотиб бораётгани, унинг фаолияти бугунги замон талабларидан орқада қолаётгани, бу борада кечиктирмасдан ҳал қилиш зарур бўлган бир қанча жиддий муаммолар мавжудлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Жумладан, таълим-тарбия ишларининг замонавий стандартлар ва соҳанинг ўзига хос хусусиятлари асосида тўғри ташкил этилмагани, ўқув дастурлари ва методикасининг мукаммал эмаслиги, дарслик ва қўлланмаларнинг етишмаслиги, профессор-ўқитувчилар, илмий ва ижодий ходимларнинг салоҳияти аксарият ҳолларда талабга жавоб бермаслиги, консерваториянинг моддий-техник базаси ночор аҳволга келиб қолгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқишга қабул қилиш квоталарида номутаносиблик вужудга келгани, хусусан, 700 нафар ўқув ўрни мавжуд бўлгани ҳолда, амалда 1346 нафар талаба таҳсил олаётганини албатта нормал ҳолат сифатида баҳолаб бўлмайди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат консерваториясининг ректори ҳисобланади.

Ўқув бинолари етишмаганлиги сабабли Мустақиллик проспектидаги В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи жойлашган консерваториянинг эски биноси Давлат конверваториясига бериладиган бўлди.

Бухоро кўчасидаги бунга қадар Республика фонд биржасига тегишли бўлган (бу ерда аввал концерт зали бўлган) бино ҳам Давлат консерваторияси тасарруфига ўтказилиб, ушбу бинода жаҳон андозаларига тўлиқ мос бўлган, академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган замонавий концерт зали барпо этилади.

2018−2019 йилларда мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва 400 ўринли ётоқхона биноларини қуриш ва жиҳозлаш режалаштирилган.

Ҳар йили ёш ижрочилар ва техноген санъат турлари мутахассисларини хориждаги нуфузли мусиқа академиялари ва консерваторияларига ўқишга юбориш, иқтидорли ўқувчи ва талабаларнинг мамлакатда, хорижий давлатларда ўтказиб келинаётган нуфузли танлов, фестиваль ва илмий-ижодий конференцияларда иштирок этишларини таъминлаш кўзда тутилган.

Давлат консерваториясининг юқори малакали ходимлар, жумладан, иқтидорли ёш мутахассислар учун муносиб тураржой шароитларини яратиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари асосида Тошкентда қуриладиган кўп қаватли уйлардан уй-жойлар ажратилиши белгиланди.