Таниқли германиялик автосаёҳатчи ва автопойгачи Райнер Цитлоу (Rainer Zietlow) «Янги Тигуан — Буюк Ипак йўли» деб номланган автосаёҳат доирасида жаҳон рекордини ўрнатмоқчи. 7 август куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида у билан учрашув бўлиб ўтди.

Элчихона маълумотларига кўра, Райнер Цитлоу Шанхай шаҳридан Венеция шаҳригача бўлган 12.300 км.лик масофани Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган қуйидаги 11 давлат орқали босиб ўтишни режалаштирган: Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Болгария, Сербия, Хорватия, Словения ва Италия.

Райнер Цитлоу ва унинг жамоаси Шанхайдан Венециягача бўлган масофани Калуга шаҳрида ишлаб чиқарилган янги Volkswagen Tiguan TSI 150 о.к. автомашинасида 6 кундан камроқ муддатда босиб ўтиш ва шу орқали жаҳон рекордини ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Мазкур лойиҳага 20 август куни Шанхайда старт берилади. 25 июлдан бошлаб эса жамоа Венециядан Шанхайгача бўлган трасса билан танишиб келмоқда. Рекорд ўрнатиш йўлидаги тахминан 1.000 км масофа Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Мазкур рекордни ўрнатишда Райнер Цитлоуга россиялик автожурналист Петр Баканов ва фотограф Димитрий Макаров ҳамроҳлик қилишади.

Райнер Цитлоу 2005 йилдан буён ўзининг рекорд уринишларида босиб ўтиладиган ҳар бил километр учун 10 цент миқдорида хайрияга ажратади ва бутун дунё бўйлаб жойлашган SOS Болалар маҳаллаларини қўллаб-қувватлаб келади. Бу сафарги лойиҳасида мазкур мақсадни амалга ошириш учун Райнер Цитлоу Ўзбекистонни танлади ва Шанхайдан Венециягача бўлган 12.300 км.лик масофа учун жами 1230 евро миқдоридаги маблағни 6 август куни Самарқанд шаҳрида жойлашган SOS Болалар маҳалласига топширди.

Ўзининг сўнгги рекорд уринишида Райнер Цитлоу 2017 йил апрель ойида Дакардан Москвагача бўлган 8.000 км масофани 3 куну 3 соат вақт орасида босиб ўтган эди.

Райнер Цитлоунинг фаолиятини ва унинг «Янги Тигуан — Буюк Ипак йўли» номли лойиҳасини қуйидаги веб-саҳифалар орқали кузатиб бориш мумкин:
www.challenge4.de / www.tiguan-silkroad.com