Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 15−17 август кунлари икки томонлама ҳамкорлик ҳамда ўзбек-қирғиз давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ҳукуматлараро комиссия мажлисларида қатнашиш учун амалий ташриф билан Чўлпон-Отага (Қирғизистон) боради.

Мажлисга тайёргарлик 7 август куни ҳукумат раҳбари билан Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков ўртасидаги телефон суҳбатида муҳокама қилинди, деб хабар берди Қирғизистон ҳукумати сайти.

Абдулла Арипов суҳбат чоғида Ўзбекистон октябрда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган ўзбек маданияти куни ўтказилишига тайёрлигини тасдиқлади. Шунингдек у 3 августда Иссиқ-Кўл вилояти ҳудудида автоҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароларига ўз вақтида ёрдам берганлиги учун Қирғизистонга миннатдорчилик билдирди.

Сооронбай Жээнбеков ўз навбатида ўзбек томонига Ўшда 630 ўринли умумтаълим мактаби қурилиши тўғрисидаги қарор учун миннатдорчилик билдирди.