2017 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон иқтисодиётига ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 13,8 фоизга ўсиб, 6,556 трлн сўмга (1,85 млрд доллар эквиваленти) етди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Хорижий қўйилмаларнинг умумий тузилмасида тўғридан-тўғри инвестиция ва кредитлар улуши 85,5 фоиз, давлат кафолати остида жалб қилинганлари эса 14,5 фоизни ташкил этди.

Биринчи ярим йилликда хорижий инвесторлар ёнилғи-энергетика соҳасига энг кўп сармоя киритди — 67,6 фоиз (2016 йилнинг январь-июнида — 32,7 фоиз). Телекоммуникация соҳасига эса 9,9 фоиз, кимё саноатига — 2,2 фоиз (1,7 фоиз) сармоя жалб этилди.

Январь-июнь ойларида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий миқдори 8,3 фоизга ўсиб, 26,6 трлн сўмни (7,5 млрд доллар эквивалентида) ташкил этди. Бунда инвестициялар ҳажмининг ЯИМдаги ҳиссаси 0,1 фоизга ўсди ва 25,9 фоизни ташкил этди.

2017 йилга мўлжалланган давлат инвестиция дастурига мувофиқ, Ўзбекистон йил охирига қадар 199 инвестицион лойиҳа бўйича 4,505 млрд долларлик ҳажмдаги хорижий инвестицияларни ўзлаштириши лозим. Хусусан, 79 та лойиҳа бўйича Ўзбекистон ҳукумати кафолати остида 1,854 млрд доллар ўзлаштирилса, 120 та лойиҳа бўйича 2,65 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши белгиланган.