Тошкент шаҳар ИИБ 30 июлдан жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Тозалаш-антитеррор» тадбирини ўтказмоқда. Унинг биринчи натижалари ҳақида ИИББ сайтида хабар берилди.

«Паспорт-виза» тадбири доирасида ўтган вақт мобайнида кўп қаватли уйлардаги 96864 ва якка тартибдаги 34380 та хонадон, шунингдек 5452 та корхона-ташкилотлар текшириб чиқилди.

4479 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган бўлиб, шулардан 4265 нафари — рўйхатдан ўтмай яшаётганлар, 146 нафари — пропискасиз яшаш учун тақдим этилган уй-жой эгалари, 68 нафари — пропискасиз шахсларга иш берган шахслар.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 456 киши профилактика ҳисобига киритилди. Кўп қаватли уйлар жойлашган даҳаларга 86 та видеокузатув камералари ўрнатилди.

59 нафар шахс ИИББ Реабилитация марказига, 78 нафар ўсмир Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган бўлиб, улардан 21 нафари спиртли ичимликка муккасидан кетган шахслар, 14 нафари гиёҳвандлар ва 21 нафарини тажовузкор руҳий хасталар ташкил этди.