Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувида ҳукуматга бир ой муддатда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилди.

Давлат раҳбари жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп маротаба мазкур соҳани тартибга солиш бўйича илтимослар бўлаётгани, Виртуал қабулхонага ёзилаётганини маълум қилди. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади, деди у.

«Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.