Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси кўчмас мулкларнинг техник хусусиятлари, унинг инвентар қиймати ва кадастр рақами бўйича жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни онлайн-ресурс орқали тақдим этиш хизматини синов режимида ишга туширди.

Ўзбекистон ҳукумати қарорига биноан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари ялпи инвентаризациядан ўтказилмоқда. Кўчмас мулкларнинг инвентаризация натижасида олинган хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар автоматлаштирилган ҳисобни юритиш учун ягона базага киритилмоқда.

Ресурс орқали кўчмас мулкнинг ваколатли органлардан йўналтирилиб, кадастр корхонаси томонидан рўйхатга олинган тақиқда экани ёки хатлангани ҳақидаги маълумотларни ҳам олиш мумкин.

Бошқарма сайтида хабар қилинишича, яқин вақтлар ичида манзил бўйича кадастр рақамини аниқлаштириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга буюртма беришга тайёргарликни аниқлаштириш, шунингдек, кадастр корхоналарида буюртмани ижро этиш устидан назорат бўлимларини ишга тушириш режалаштирилган.