Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда ҳукуматга бир ой муддатда пенсия ёшидаги ижодкорларга гонорар тўлаш тартибларини қайта кўриб чиқишни топширди. Амалдаги тартибга кўра, пенсия ёшидаги ижодкорлар энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан кўп миқдорда қалам ҳақи олган тақдирда, уларнинг пенсиясидан 50 фоиз маблағ ушлаб қолинади.

«Бир вақтлар узоқни кўзламаган баъзи мансабдорлар томонидан жорий этилган бу тартиб айни ижодий камолотга етган ижодкорларимизнинг рағбатини сўндиришга хизмат қилаётгани сир эмас», — деди Президент.

Давлат раҳбари бадиий ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига тўланаётган қалам ҳақи — гонорар миқдорини сезиларли даражада оширишга доир қарор лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилаётгани ва у яқин кунларда қабул қилинишини таъкидлади.

Тошкент ва Нукус шаҳарларида, барча вилоятлар марказларида имтиёзли кредит асосида «Ижодкорлар уйлари» барпо этилиб, бу уйлардан адиблар, рассомлар, актёр ва режиссёрлар, композиторлар, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситаларининг фаол вакилларига, шу жумладан, истеъдодли ёш ижодкорларга квартиралар ажратилади, деди Президент.