Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Элчихонаси маълумотига кўра, 3 август куни Иссиқкўл вилоятининг Қизил-Ўрук қишлоғида тахминан соат 11:30 да «Балиқчи-Чўлпонота-Қоракўл» автомобиль йўлининг 17-километрида микроавтобус ва енгил автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Олинган маълумотларга биноан микроавтобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 9 та одам жароҳатланди. Улардан 4 нафари, жумладан бир бола — Ўзбекистон фуқаролари, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон Элчихонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқа ўрнатди. Олинган маълумотларга кўра жароҳат олган 9 одамнинг ҳаммаси Балиқчи шаҳридаги ҳудудий касалхонага етказилган. Айни пайтда ЙТҲ жойида тезкор тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.

Элчихона Консуллик бўлими томонидан жароҳатланган Ўзбекистон фуқароларининг шахси аниқланмоқда ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чоралар қўлланилмоқда.