«Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа дирекцияси» давлат корхонаси тугатилди. Бу Ўзбекистон Президентининг 31 июлдаги Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўтказилган таҳлиллар Дирекция фаолиятини ташкил этишнинг амалдаги тартиби давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини лозим даражада таъминламаётлигини кўрсатди.

Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида Кооперация биржаси доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг харидини амалга оширишга имкон берувчи амалдаги тартиб турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, олдиндан белгиланган етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш мақсадида биржалардан фойдаланиш учун шароит яратмокда.

Кўргазма-ярмарка тадбирларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш учун давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини, оқибатда, соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришни лозим даражада таъминламаяпти.

Дирекция томонидан тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, маҳаллий хом ашё базасида тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш учун саноат кооперациясининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифалар амалда бажарилмаган.

Шартномаларни рўйхатга олишнинг самарасиз тизими, тузилган шартномалар ижросини назорат қилишнинг таъсирчан механизмлари мавжуд эмаслиги аксарият ҳолларда кабул қилинган шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармок жадвалларининг бажарилмаслигига сабаб бўлмокда.

Ҳужжатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот порталини ҳамда ресурслар ягона миллий маълумотномасини яратиш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим.