Ўзбекистондаги педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда абитуриентлар билан кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касбий лаёқатини аниқлаш бўйича ижодий суҳбат ўтказиш йўлга қўйилади. Бундай тартиб босқичма-босқич жорий этилади, дейилади Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 июлдаги «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида.

Ҳудудларнинг педагог кадрларга бўлган талабини қондириш учун педагогика таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим муассасаларининг бошқаруви мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлашни йўлга қўйилади.

Қарорда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш бўйича топшириқлар берилган.

Турли танловлар ва конкурсларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда, танловларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.