Ўқув-методик ва моддий-техник базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, ОТМлардан узоқда жойлашган, шунингдек таълим сифати ва ОТМларга битирувчиларнинг кириш кўрсаткичлари паст бўлган академик лицейлар тугатилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 27 июлда қабул қилинган «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Олий таълим муассасалари таркибида фақатгина биттадан юқори илмий-педагогик салоҳиятга эга бўлган академик лицейлар қолдирилади.

Ўз фаолиятини давом эттирадиган академик лицейларга умумтаълим мактабларни битирган, истеъдодли ёшларни қабул қилиш механизмлари 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази ва Халқ таълим вазирлигига бир ой муддат ичида «академик лицейларда таълим сифатини тубдан яхшилаш» ва битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш юклатилди.